Фарғона вилоятидаги икки ҳудуд — Фарғона шаҳри ва Фарғона тумани ҳокимлари 15 октябрь куни эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоят фаоллари билан ўтказилган селектор йиғилишида маълум қилган, дея телеграммдаги Daryo — LIVE канали хабар бермоқда.
Хабар беришларича, Фарғона тумани ҳокими Содиқжон Имомалиев қишлоқ хўжалиги ишларига сусткашлик билан ёндашгани, туманда айрим ер майдонларини ноқонуний ажратиш ҳолатлари мавжудлиги сабаб ишдан олинган. Вилоят ҳокими уни танқид қилган.
Фарғона шаҳри ҳокими Шавкат Эркабоев эса шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун лавозимдан озод этилгани айтилмоқда. Эркабоев 2016 йил 1 декабридан бери Фарғона шаҳрига ҳокимлик қилиб келаётган эди.
Қайд этиш жоиз, 14 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов пахта йиғим-терими масаласига бағишланган катта селектор ўтказган. Унда ҳукумат раҳбари вилоят ҳокимларига 15 октябргача 10 нафар (туман ва шаҳар) ҳокимларни ишдан олиш бўйича тақдимнома киритиш ҳақида топшириқ берган эди.
Фарғона шаҳри ва Фарғона тумани ҳокимлари ҳам шу топшириқ ортидан ишдан кетганми ёки йўқ — аниқ бир нарса дейиш қийин. Лекин 14 октябрдаги селектордан кейин ўнлаб раҳбарлар ишсиз қолгани ёки ишсиз қолиш хавфи билан яккама-якка қолгани маълум. Масалан, Тошкент вилояти бош милиционери ва прокурори аллақачон ўзгариб ҳам улгурди.